Париж-2024 лицензиатлари: Нурматов ва Сафаралиев экипажи
Академик эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шаҳзод Нурматов ва Собир Сафаралиев жуфтлиги ҳам ўз номини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари қатнашчилари орасига киритиб қўйишган. Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилган ушбу атлетларимиздан Францияда ҳам юқори натижа кутамиз.
Нурматов Шаҳзод Суннатилло ўғли 1999 йил 7 апрель куни Самарқанд вилояти Тайлоқ туманида дунёга келган. 2016 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Сергей Тян. Унинг ҳисобида катталар ўртасидаги Осиё чемпионатларининг 2 та олтин ва 1 та бронза, U23 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатининг бронза медали мавжуд. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида Сафаралиев билан жуфтликда бронза, М4- дастурида эса кумуш медаль соҳибига айланган.
Сафаралиев Собиржон Ҳусниддин ўғли 2002 йил Самарқанд вилояти Нуробод туманида туғилган. 2018 йилдан терма жамоа аъзоси. Мураббийи Сергей Тян. Сафаралиевда Осиё чемпионатларининг 2 тадан кумуш ва бронза медаллари бор. Нурматов каби Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида жуфтликда бронза, М4- дастурида эса кумуш медални қўлга киритган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Нурматов ва Сафаралиев апрель ойида Жанубий Кореяда ўтган қитъавий лицензион турнирдаги муваффақиятли иштироки орқали енгил вазн тоифасидаги жуфтлик дастурида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.