Ру En O'z
14 Июнь 2021 2291

Касаба уюшмалари федерацияси Токио-2020 лицензиатларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси юртимизда Олимпия ҳаракати ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаб келаётган ташкилотлардан ҳисобланади. Терма жамоаларимизнинг етакчи спортчилари орасида ушбу федерация аъзоларини ҳам учратиш мумкин. Бугун ташкилот Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилари ва жаҳон ареналарида улкан ютуққа эришган бошқа атлетларини қутлади.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиков, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, спорт фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида сўз олган мутасадди раҳбарлар Президент ва ҳукуматимиз томонидан спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди.

“Ҳозирги пайтда спортчиларимизга қаратилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Атлетларимиз ҳар қадамда Президентимизнинг ғамхўрлигини ҳис қилишмоқда. Ҳукуматимиз томонидан берилаётган бундай эътибор ва мотивация Токио-2020 Олимпия ўйинларида ўз мевасини беришига ишонамиз”, – деди Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов.

Тадбирда Қудратилла Рафиков атлетларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларнинг машғулот олиб боришлари учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканини билдириб ўтди. Шунингдек, Касаба уюшмалари федерацияси Токио-2020 Олимпиадасида чемпион бўлган атлетларига ўз ҳисобидан уй совға қилинишини, совриндорлар эса машина билан мукофотланишини таъкидлади. Шубҳасиз, бундай мотивация спортчиларимизни янги ғалабалар сари ундайди.

Тадбирда Касаба уюшмалари таркибида бўлган Токио-2020 лицензиатлари, жумладан, оғир атлетикачилар Акбар Жўраев, Муаттар Набиева ва Кумушхон Файзуллаева, енгил атлетикачи Суҳроб Хўжаев, академик эшкак эшувчи Собир Сафаралиев Касаба уюшмалари федерацияси томонидан 10 миллион сўмдан, уларнинг мураббийлари эса 5 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланишди. Ўз навбатида, йирик халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган Муҳаммадқодир Тоштемировга ҳам муносиб эътибор кўрсатилди.

Ўз навбатида, атлетларимиз муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг бундай эътиборидан хурсанд эканликларини билдириб, келажакда Янги Ўзбекистон учун янги ғалабалар тақдим қилишга ваъда беришди.

Text to speech