Ру En O'z
18 Май 2024 359

Чавандозларимиз Бишкекдаги Миллатлар кубогининг 3-босқичида муваффақиятли старт олишди

Айни кунларда Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида конкур ва от йўрттириш бўйича Евросиё лигаси Миллатлар кубогининг навбатдаги босқич беллашувлари бўлиб ўтмоқда. Жаҳон кубогининг финалига саралаш вазифасини ўтаб бераётган мазкур мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этяпти.

Ортда қолган кун ҳамюртларимиз учун муваффақиятли кечиб, чавандозларимиз 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Конкур баҳсларидаги ҳар иккала олтин медални терма жамоа етакчиларидан бири Бекзод Қурбонов 120 ва 140 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида мос равишда “Santos Hippica” ва «Matts» лақабли тулпорларда қўлга киритди. Кумуш медалга яна бир конкурчимиз Хуршид Алимжонов “Champions League” отида 140 смли дастурда эга чиққан бўлса, от йўрттиришда Алена Деревянко “Red Daymond” тулпори билан кюр йўналишида бронза медали соҳибига айланди.

Text to speech