Юнон-рум курашчиларимиздан яна тўрт медаль
Польшада спорт курашлари бўйича халқаро мусобақа ўз якунига етди. Турнирнинг сўнгги кунида яна 4 нафар полвонимиз шоҳсупага кўтарилди.
-63 кг вазн тоифасида курашган Исломжон Баҳромов барча рақибларини мағлуб этиб, турнир чемпионига айланди. Қизиқарли кечган ҳал қилувчи беллашувда юртдошимиз япониялик Аята Сузукини 5:3 ҳисобида доғда қолдирди. Яна бир полвонимиз Мирзобек Раҳматов -72 кг вазн тоифасида финалга етиб борди. Афсуски, олтин медаль йўлида кечган баҳсда вакилимиз польшалик Геворг Сахакянга имкониятни бой берди. Шунингдек, Токио-2020 лицензиати Рустам Ассакалов (-87 кг) ва Муҳаммадқодир Юсупов (-60 кг) бронза медали билан тақдирланишди.
Шу тариқа, мусобақани юнон-рум курашчиларимиз 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, эркин курашчиларимиз эса 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан якунлашди.