Ру En O'z
15 Май 2024 433

WADA Президенти биринчи бор Ўзбекистонга келмоқда

Жорий йилнинг 22-23 май кунлари Тошкентда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирликларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтади. 34 мамлакатдан делегатлар қатнашадиган ушбу нуфузли тадбирга WADA Президенти Витольд Банька ва бошқа кўплаб фахрий меҳмонлар ташриф буюради. Бугун Спорт вазирлигида мазкур тадбирни юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков, шунингдек, масъул ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.

Қайд этиш жоиз, WADA ўз фаолиятини бошлаганидан бери бери ушбу ташкилотнинг ҳеч бир раҳбари мамлакатимизга ташриф буюрмаган эди. Шу боис, Адҳам Икрамов бўлажак тадбирни юқори савияда ўтказиш не чоғлик муҳим эканини таъкидлаб, масъулларга уни муносиб ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Учрашувда халқаро тадбирнинг кун тартибидан ўрин олган масалалар муҳокама қилиниб, соҳада янада илдам қадамларни ташлаш мақсадида халқаро экспертлар, мартабали меҳмонлар билан расмий учрашувлар ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Text to speech