Париж-2024 лицензиатлари: Тарихда биринчи бўлиб Олимпия ўйинларида қатнашадиган курашчи қизимиз Актенге Кеунимжаева
Маҳоратли атлетимиз Актенге Кеунимжаева аёллар кураши дастурида ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган дастлабки ҳамюртимиз сифатида ўзбек спорти тарихидан жой олади. Бугун ушбу қаҳрамонимиз билан яқиндан танишамиз.
Кеунимжаева Актенге Кази қизи 1999 йил 19 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида туғилган. Мураббийи Айнура Жапакова. 2017 йилдан миллий терма жамоа таркибида иштирок этиб келмоқда. 2018 йил U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати ҳамда Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида кумуш медалга сазовор бўлган. 2022 йилги U23 ёш тоифасининг Осиё чемпиони. 2019, 2020 ва 2023 йиллар катталар ўртасидаги қитъа биринчиликларида бронза медали соҳибига айланган. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ҳам шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олган. Қайд этиш жоиз, бу ўзбекистонлик курашчи қизларнинг Осиё ўйинларида қўлга киритган биринчи медали сифатида ҳам ёдда қолган. Қаҳрамонимиз кўрсатган натижалари эвазига “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Кеунимжаева жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистонда ўтган Осиё лицензион турниридаги муваффақиятли иштироки орқали -50 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.