Париж-2024 лицензиатлари: Хоразмлик эркин курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев
Маҳоратли эркин курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев учун Париж-2024 иккинчи Олимпиада ҳисобланади. Ҳамюртимиз 2018 йил Францияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндор бўлган эди. Ўйлаймизки, ушбу мамлакат бу сафар ҳам курашчимиз учун омадли келади.
Абдуллаев Ғуломжон Озодович 1998 йил 11 ноябрь куни Хоразм вилоятида туғилган. Мураббийи – Бахтиёр Собиров. Спортчимиз 2016 йил ёшлар, 2018 йилдан миллий терма жамоага қўшилган. 2016 йил 18 ёшида U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлган. Ёшлар ўртасида икки карра Осиё чемпиони. Ҳамюртимиз Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида ҳам олтин медалга сазовор бўлган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Абдуллаев жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистонда ўтган Осиё лицензион турниридаги муваффақиятли иштироки орқали -57 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.