Ру En O'z
12 Май 2024 937

Париж-2024 лицензиатлари: Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари совриндори Бекзод Абдураҳмонов

Эркин кураш устаси Бекзод Абдураҳмонов учун Париж-2024 учинчи Олимпиада бўлади. Ҳамюртимиз ўзининг тезкор ҳаракатлари, юқори техникаси эвазига ғолиблик учун асосий даъвогарлардан саналиб келган. Шубҳасиз, у Франция пойтахтида ҳам кўплаб мухлисларнинг эътибор марказида бўлади.

Абдураҳмонов Бекзод Махамаджонович 1990 йил 15 март куни Тошкент шаҳрида туғилган. 2014 йилдан эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Музаффар Абдураҳмонов. Қаҳрамонимиз 2 карра Осиё ўйинлари ғолиби, кўп карра Осиё чемпиони ва жаҳон чемпионатлари совриндори ҳисобланади. Аҳамиятлиси, ушбу спортчимиз Инчеон (2014) ва Жакартада (2018) ўтган Осиё ўйинларида делегациямизнинг илк олтин медалларига муаллифлик қилган. Шунингдек, унинг ҳисобида 2017 йилги Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларининг олтин ва Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг бронза медаллари ҳам бор. Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси. Токио-2020 Олимпиадасида -74 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган. Кўрсатган натижалари учун давлатимиз томонидан "Шуҳрат" медали ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.

Абдураҳмонов жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистонда ўтган Осиё лицензион турниридаги муваффақиятли иштироки орқали -74 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.

Text to speech