Ру En O'z
12 Май 2024 936

ООКнинг 43-Бош Ассамблеяси ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида улкан платформага айланди

Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) 43-Бош Ассамблеяси ўз ишини муваффақиятли якунлади. Ассамблея доирасида ООК вице-президенти Отабек Умаров ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимовдан иборат Ўзбекистон делегацияси бир қатор учрашувларда қатнашиб, минтақадаги ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳалар, янги режалар хусусида фикр алмашди.

Бир неча кун муқаддам ООКнинг расмий ҳамкори “Bornan Sports Technology” компанияси мутасаддилари пойтахтимизга ташриф буюриб, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик бўйича қатор масалаларни муҳокама қилиб кетган эди. Сафар давомида “Bornan Sports Technology” ҳамда Ўйинлар ташкилотчилиги бўйича хизмат кўрсатувчи яна бир компания “Atom Consulting Local Committee” раҳбарияти билан учрашув ташкил этилди. Унда томонлар ҳамкорликнинг кейинги қадамлари хусусида фикр алмашишди. Мазкур хорижий компанияларнинг мутасаддилари юртимизда ўтадиган мусобақани юқори савияда ташкил этишга ҳисса қўшишдан мамнун бўлишини билдирдилар.

Яна бир учрашув Саудия Арабистони шаҳзодаси Фаҳад бин Жалави бин Абдул Азиз Ал Сауд билан ташкил этилди. Қайд этиш жоиз, 2022 йил май ойида Тошкентда ўтган ООК Ижроия қўмитаси доирасида Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Миллий Олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Учрашувда ушбу келишувни янада кучайтириш ва такомиллаштириш борасида сўз борди. Ҳамкорлик меморандумида йирик мусобақаларга тайёргарлик кўришда ҳар икки терма жамоа спортчилари иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш кўзда тутилган эди. Хусусан, таэквондо WT бўйича Саудия Арабистони жамоаси жорий ҳафта Тошкентдаги халқаро йиғинда қатнашди.

Шаҳзода Фаҳад бин Жалави бин Абдул Азиз Ал Сауд Саудия Арабистони триатлон ва туялар федерацияларининг раҳбари ҳисобланади. Отабек Умаров Саудия Арабистони шаҳзодасини жорий йилнинг 18-19 май кунлари Самарқандда ўтадиган триатлон бўйича Жаҳон кубоги босқичининг фахрий меҳмонлари қаторида кўришдан мамнун бўлишини билдирди. Ўз ўрнида жаноб Фаҳад бин Жалави бин Абдул Азиз Ал Сауд ООК вице-президентига Ўзбекистонда икки ўркачли туялар кенг тарқалганидан келиб чиқиб, мамлакатимизда туялар спортига асос солиш таклифини илгари сурди.

Сафар давомида Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Иордания ва Камбоджа Олимпия қўмиталарининг мутасаддилари билан ҳам учрашлар ташкил этилди. Унда томонлар давлатлар ўртасидаги дўстона алоқаларни спорт орқали янги босқичга кўтариш, соҳадаги сўнгги ютуқлар борасида тажриба алмашиш каби йўналишларда суҳбатлашишди.

Text to speech