Ру En O'z
11 Май 2024 821

Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари ҳақидаги тақдимот қитъадошларимиз томонидан илиқ қабул қилинди

Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) 43-Бош Ассамблеяси ўтказилаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Маросимнинг кириш қисмидан сўнг кун тартибига мувофиқ асосий масалалар кўриб чиқилди. Унга кўра, ООК конституциясига киритилаётган ўзгаришлар муҳокама қилиниб, тасдиқлаш учун овозга қўйилди.

Тадбирда Ўзбекистон номидан ООК вице-президенти Отабек Умаров ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди. Қайд этиш жоиз, ООК конституциясига ўзгартириш киритиш ишлари анча аввал бошланган бўлиб, бу бўйича тузилган комиссияга Марказий Осиё минтақасидан Ойбек Омилович жалб қилинган эди. Якунда конституцияга киритилган ўзгаришлар барча Миллий Олимпия қўмиталари томонидан бир овоздан маъқулланди.

Шундан сўнг яқинлашиб келаётган комплекс мусобақаларга тайёргарлик бўйича тақдимотлар ўтказилди. Унда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Даставвал, Отабек Муҳаммадалиевич сўз олиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзлари ушбу лойиҳага бош-қош бўлаётганлари, ҳукуматнинг ёрдами билан катта ҳажмда тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани хусусида гапирди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг ёшлар Осиё ўйинларини қабул қила оладиган салоҳиятини ҳар томонлама кўрсатиб берувчи ролик намойиш этилди. Тақдимотда Ойбек Омилович Ўйинлар ҳақида умумий маълумот берди. Унда мусобақа ўтиши кўзда тутилган саналар, спорт турлари, беллашувларга мезбонлик қиладиган шаҳарлар ва объектлар, меҳмонларга яратиладиган қулайликлар, транспорт ва логистика тизими каби йўналишлар бўйича атрофлича тўхталиб ўтилди. Тақдимот қитъадошларимиз томонидан илиқ қабул қилинди.

Бош Ассамблея давомида жорий йил Таиланднинг Бангкок ва Чонбури шаҳарларида ўтиши кутилаётган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари, Харбин-2025 қишки Осиё ўйинлари, Аичи-Нагоя-2026 ёзги Осиё ўйинлари бўйича ҳам тақдимотлар ўтказилди. Шунинг билан ООКнинг 43-Бош Ассамблеяси ўз ишини якунлади.

Text to speech