Париж-2024 лицензиатлари: Қорақалпоқ гўзали Зайнаб Дайибекова
Замонавий ўзбек қиличбозлиги ҳақида гап кетганида кўпчилик биринчи бўлиб Зайнаб Дайибековани тилга олади. Қорақалпоғистонлик ҳамюртимизнинг сўнгги йилларда эришган ютуқлари ушбу спорт турида мамлакатимизда янги уйғониш даври бошланганини кўрсатади.
Дайибекова Зайнаб Казбековна 2002 йил 19 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасида туғилган. 2016 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Биринчи мураббийи Дауирбек Жиeрмуратов. Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига уч карра Олимпиада чемпиони Владимир Назлимов қўл остида тайёргарлик кўрмоқда. Дайибекова ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги босқичларида 3 бор олтин медални қўлга киритган. 2022 йил ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган. Катталар тоифасида Жаҳон кубогида эса битта бронза медалига эга чиққан. 2023 йил Хитойнинг Уси шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида олтин медалга сазовор бўлди. Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида 1 та олтин ва 1 та бронза медаллари билан тақдирланган. Кўрсатган натижалари эвазига “Шуҳрат” ва “Жасорат” медаллари, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Дайибекова Халқаро қиличбозлик федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра сабля дастурида Париж-2024 Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлди.