Хушхабар! Оғир атлетикачиларимиз Токио-2020 Олимпиадасига тўлиқ таркибда йўлланма олишди
Маълумки, пойтахтимизда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг оғир атлетика бўйича Токио-2020 рейтинг очколарини жамғариш даври якунланган. Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) рейтинг орқали Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчилар номини эълон қилди.
Ўзбекистон терма жамоаси учун Токио-2020 Олимпиадасига 2+2 кўринишида 4 та йўлланма берилган эди. Қувонарлиси, жамоамиз берилган имкониятдан максимал даражада фойдалана олди. IWF рейтинги орқали йигитларимиздан Адҳамжон Эргашев (-67 кг) ва Акбар Жўраев (-109 кг), қизларимиздан Муаттар Набиева (-55 кг) ва Кумушхон Файзуллаева (-76 кг) Токио-2020 йўлланмаларига сазовор бўлишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон оғир атлетика федерациясини, Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган спортчиларимизни муборакбод этиб, уларга Токио-2020 да муваффақиятли иштирок этишларини тилаб қолади.
Рейтинг орқали йўлланма олган барча атлетлар билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг: Tokyo-2020_Absolute-Ranking-Lists