Ру En O'z
10 Май 2024 688

Қозоғистон МОҚнинг янги раҳбарияти билан учрашув ташкил қилинди

Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ООК Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун Бангкок шаҳрига етиб боргани ҳақида маълум қилган эдик. Тадбир арафасида расмийлар билан бир қатор учрашувлар ташкил этилмоқда. Улардан бири Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Геннадий Головкин билан ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон Миллий Олимпия қўмиталарининг Бош котиблари Ойбек Касимов ҳамда Жанар Утешова ҳам қатнашишди.

Қайд этиш жоиз, жаҳон боксида улкан шуҳрат қозонган Г.Головкин жорий йилнинг 26 февраль санасида Қозоғистон МОҚ президенти этиб сайланган эди. Ортда қолган вақт мобайнида у салмоқли лойиҳаларга қўл уришни бошлади. Томонлар суҳбат давомида икки қардош халқнинг муносабатлари спорт орқали янада мустаҳкамланиб бораётгани, хусусан, кўплаб терма жамоаларимиз йирик стартларга тайёргарлик жараёнида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказаётганини мамнуният билан тилга олишди.

Геннадий Геннадьевич ООК вице-президентини футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан қутлаб, жамоамизга бўлажак мусобақада ҳам омад тилади. Ўз ўрнида, Отабек Умаров Г.Головкинни янги лавозимга сайлангани билан муборакбод этиб, раҳбарлик соҳасида ҳам улкан муваффақиятларга эришишини тилади. Шунингдек, уни ўзига қулай вақтда Ўзбекистонга таклиф этди ва ҳамкорликда ишлашдан мамнун бўлишини билдирди.

Ўзбекистон делегациясининг Таиланддаги расмий ташрифи давом этади.

Text to speech