Отабек Умаров ООК мутасаддилари билан ҳамкорликнинг янги босқичларини муҳокама қилди
11 май куни Таиланднинг Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) 43-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади. Унда иштирок этадиган ООК вице-президенти Отабек Умаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси айни пайтда Бангкок шаҳрига етиб борган ва расмийлар билан бир қатор учрашувлар ташкил этилмоқда. Ана шундай учрашувлардан дастлабкиси ООКнинг амалдаги раҳбари Ража Сингх ва ООК Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам билан ўтказилди.
Самимий руҳда кечган суҳбатда Отабек Умаровга МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамроҳлик қилди. Даставвал, Отабек Муҳаммадалиевич мамлакатимизда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган катта ҳажмдаги тайёргарлик ҳақида умумий маълумот берди. ООК мутасаддилари Ўзбекистон бўлажак мусобақани юқори савияда ўтказа олишига ишонишини, бир неча кун муқаддам Тошкентда бўлиб қайтган Ишчи гуруҳ жараённи юқори баҳолаганини маълум қилди.
Шунингдек, Ҳусайн Ал Мусаллам билан юртимизда сув спорти турлари ривожини янги босқичга олиб чиқиш, маҳаллий мураббий ва ҳакамлар учун таниқли экспертлар иштирокида кўпроқ семинарлар ташкил этиш каби мавзулар кўриб чиқилди. Суҳбатда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари учун қурилаётган замонавий сув спорти ҳавзаси ва кейинчалик ундан самарали фойдаланиш масаласи ҳам ўрин олди. World aquatics раҳбари мавзу юзасидан ўзининг керакли тавсияларини бериб, бу борада Ўзбекистонни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.
Суҳбатда эртага бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеяга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди. Режага кўра, бугун Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти Геннадий Головкин билан ҳам учрашув бўлиб ўтиши кўзда тутилган.