Ру En O'z
13 Июнь 2021 2301

Икки нафар атлетимиз уч ҳатлаб сакрашда Токио-2020 нормативини бажаришди

Қирғизистонда Олимпия ўйинлари чемпиони Татьяна Колпакова соврини учун ўтаётган енгил атлетика бўйича халқаро мусобақанинг навбатдаги куни терма жамоамиз учун муваффақиятли бошланди. Бироз аввал уч ҳатлаб сакраш дастурида иштирок этган икки ҳамюртимиз Токио-2020 нормативларини бажаришди.

Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари совриндори бўлган ҳамюртимиз Руслан Курбанов уринишларининг бирида 17.17 метр натижа қайд этди. Бу Олимпиада нормативидан 3 см юқори кўрсаткичдир. Шунингдек, қизларимиздан Роксана Худоёрова нормативдан 4 см юқори натижа 14.36 метрга сакрашни уддалади.

Эслатиб ўтамиз, кеча мазкур мусобақанинг узунликка сакраш дастурида Дарья Резниченко ҳам Токио-2020 нормативини бажаришга муваффақ бўлган эди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси атлетларимизни ушбу муваффақият билан қутлайди.

Text to speech