Париж-2024 лицензиатлари: Ўз ёш тоифасида қитъамизда тенгсиз Сабина Бобоқулова
Боксчи қизларимиз ҳозирча Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига иккита йўлланма қўлга киритишган. Бугун -50 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Сабина Бобоқулова ҳақида маълумот берамиз.
Бобоқулова Сабина Комилжон қизи 2003 йил 29 июлда Бухоро вилояти Олот туманида таваллуд топган. 2019 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Улуғбек Баратов. Сабина БААнинг Дубай шаҳрида 2019 йил ўсмирлар, 2021 йил ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатларида олтин медални қўлга киритган. 2022 йил Тошкент, 2023 йил Бангкок шаҳарлари мезбонлик қилган U22 ёш тоифасидаги қитъа биринчиликларида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган.
Бобоқулова жорий йилнинг 3-11 март кунлари Италияда ўтган жаҳон лицензион турниридаги муваффақиятли иштироки орқали -50 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлди.