Париж-2024 лицензиатлари: Жаҳон чемпионати совриндори Лазизбек Мулложонов
Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси жаҳон миқёсида энг биринчи бўлиб бўлажак Олимпиадага тўлиқ таркибда йўлланма олган жамоа бўлди. Бугун Сизларга Парижда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган етти баҳодирнинг сўнггиси – Лазизбек Мулложоновни таништирамиз.
Мулложонов Лазизбек Ҳасанжон ўғли 1999 йил 13 май куни Фарғона вилоятининг шу номли туманида туғилган. Дастлаб бокс сирларини Шерзод Ҳусановдан ўрганган Мулложонов ҳозирда Алишер Тўйчиев қўл остида шуғулланяпти. 2017 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. 2021 йил Россияда ўтган ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби. 2022 йил Иордания мезбонлик қилган Осиё чемпионатида энг оғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. 2023 йил Тошкентда ташкил этилган дунё биринчилигида эса -92 кг вазн тоифасида бронза медали соҳибига айланган. Кўрсатган натижалари эвазига “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Мулложонов жорий йилнинг 3-11 март кунлари Италияда ўтган жаҳон лицензион турниридаги муваффақиятли иштироки орқали -92 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлди.