Олимпия ўйинлари олдидан спорт шифокорлари ўз билимларини оширишмоқда
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари тобора яқинлашиб келмоқда. Унга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш барча терма жамоалар олдида турган энг асосий вазифа ҳисобланади. Хусусан, антидопинг йўналишида ҳам. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур мавзу юзасидан соҳа масъуллари иштирокида икки кунлик семинар бошланди.
Унда Абдушукур Садиков бошчилигидаги Миллий Антидопинг агентлиги вакиллари, терма жамоаларда фаолият олиб бораётган шифокорлар ва масъуллар иштирок этишмоқда. Учрашувда семинар иштирокчилари учун мавзунинг аҳамияти, Бутунжаҳон антидопинг агентлиги томонидан сўнгги бор янгиланган йўриқнома ва дори воситаларининг рўйхати ҳақида қўшимча маълумот бериб ўтилди.
Баъзи терма жамоаларда спортчиларнинг соҳадаги билимлари етишмаслигини инобатга олган ҳолда, улар учун ҳам семинарлар ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди. Тадбир давомида ADAMS платформасидан тўғри фойдаланиш, допинг синамаларини топшириш жараёнида спортчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, яқиндагина ишга туширилган “Спортда тақиқланган дори воситаларини текшириш миллий платформаси” ва “Спортчилар учун антидопинг таълим электрон платформаси” бўйича маълумотлар берилади.
Суҳбат давомида ҳамюртларимиз орасида жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинлари каби йирик мусобақаларда мунтазам ишлаб келаётган тажрибали шифокорлар ёш ҳамкасблари билан ўз билимларини улашишмоқда.