Ру En O'z
2 Май 2024 855

Париж-2024 лицензиатлари: Ўзбек таэквондоси тарихига ўз номини ёзиб қўйган Светлана Осипова

4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган атлетларимизни таништиришда давом этамиз. Бугун таэквондочи қизларимиз орасида биринчи бўлиб жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган Светлана Осипова ҳақида ҳикоя қиламиз.

Осипова Светлана Валерьевна 2000 йил 3 май куни Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида таваллуд топган. 2016 йилдан таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Дастлаб Паҳлавон Собиров қўл остида шуғулланган қаҳрамонимизга ҳозирда Павел Хан мураббийлик қилмоқда. Осипова аёллар ўртасида энг юқори вазн тоифасида қатор ғалабаларга эришиб келмоқда. Жумладан, 2017 йил Ашхободдаги Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида кумуш, Жакарта-Палембанг-2018 Осиё ўйинларида яккалик, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг яккалик ва аралаш жамоавий дастурларида бронза медаллари билан тақдирланган. Боку-2017 Ислом бирдамлиги ўйинларидаги бронза медалини Конья-2021 ўйинларида олтинга айлантирди. 2022 йил Гвадалахара мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида олтин, келаси йил Бокуда ўтган дунё биринчилигида эса бронза медалига эга чиққан. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси. 2019 йил “Зулфия” номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган.

2023 йил декабрь ойида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, +67 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.

Text to speech