Ру En O'z
1 Май 2024 2008

“Procter & Gamble” компанияси Ўзбекистон МОҚнинг янги ҳамкорига айланди

Шахсий гигиена воситаларини ишлаб чиқарувчи дунёга машҳур “Procter & Gamble” (P&G) ширкати Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг ҳамкорларидан бирига айланди. Бугун ҳар икки ташкилот ўртасида меморандум имзоланди.

Тадбирда “Procter & Gamble” компаниясининг Туркия, Кавказ ва Марказий Осиё бўйича катта вице-президенти Танкут Турнаоглу ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, спортчи ва мураббийлар, ҳар икки ташкилот вакиллари иштирок этишди.

Даставвал, Танкут Турнаоглу Ўзбекистон МОҚ билан ҳамкорлик орқали мамлакатимизда Олимпия ҳаракати тарғиботини кучайтиришга ёрдам беришдан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, у футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олгани билан қутлаб, компания келгусида спорт йўналишида янада катта лойиҳаларда иштирок этишни мақсад қилганини таъкидлади.

Ўз навбатида, МОҚ Бош котиби футбол ва хоккей жамоаларимизнинг эришган сўнгги муваффақиятлари мамлакатимизда жамоавий спорт турларининг ривожи янги босқичга чиқаётгани маълум қилди. Қолаверса, Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан яқинлашиб келаётган Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига катта ҳажмда тайёргарлик олиб борилаётганини қўшимча қилди. Ойбек Омилович P&G Халқаро Олимпия қўмитасининг яқин ҳамкорларидан бири экани ушбу келишувнинг амалга ошишига туртки бўлганини билдирди.

Шундан сўнг томонлар ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумни имзоладилар.

Маълумот учун, P&G 1837 йил АҚШда асос солинган компания ҳисобланади. Ширкат 40 га яқин таниқли шахсий гигиена брендларини ўзида жамлаган. 2010 йилдан бутун дунёда Олимпизм ғояларини тарғиб қилишда ХОҚнинг ҳамкорларидан ҳисобланади. Меморандумга мувофиқ, ташкилот мамлакатимизда ҳам Олимпия ҳаракатини ривожлантиришда ўз ҳиссасини қўшади.

Text to speech