Ру En O'z
1 Май 2024 682

Адҳам Икрамов Олимпия шаҳарчасини қураётган "China CAMC Engineering" компанияси раҳбари билан учрашди

Айни кунларда "China CAMC Engineering" компанияси раиси Ван Бо Тошкентда амалий ташриф билан меҳмон бўлиб турибди. Бугун хитойлик ишбилармон билан Спорт вазирлигида учрашув ўтказилди. Унда Вазир Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Касимов, МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов иштирок этишди. Суҳбатда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида жараён қай тарзда олиб борилаётгани кун тартибидаги асосий мавзу бўлди.

Маълумки, улкан лойиҳанинг қурилиши айнан ушбу ширкат томонидан амалга оширилмоқда. Жаноб Бо 2023 йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашувда айтганидек, жараён режа асосида кетаётгани, Хитой томони пойтахтимизда қад ростлаётган шаҳарча учун катта эътибор қаратаётгани ҳақида гапирди. Шунингдек, у Тошкентдаги Олимпия шаҳарчаси лойиҳасини қўлга киритиш компания учун фахр эканини қўшимча қилди.

Адҳам Икрамов давлатимиз томонидан бўлажак Ўйинларга катта тайёргарлик олиб борилаётгани, уни юқори савияда ўтказиш учун барча имкониятлар ишга солинишини билдирди. Қолаверса, шаҳарча ҳудудини кенгайтириш, ҳамкорликдаги келгуси режалар бўйича фикрларини билдирди. Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида Ойбек Касимов иш самарадорлигини ошириш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.

Text to speech