Ру En O'z
30 Апрель 2024 1115

Биатлонни ривожлантиришда Беларусь билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Беларусь биатлон федерацияси президенти Андриан Цибульский меҳмон бўлди. Уни Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов кутиб олишди ҳамда шу ернинг ўзида томонлар ўртасида ҳамкорлик мавзусига бағишланган учрашув ўтказилди.

Суҳбатда Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби, Мудофаа вазирлиги Спорт маркази мутасаддилари ҳам иштирок этишди. Даставвал Ойбек Омилович юртимиз спортида олиб борилаётган ислоҳотлар, кеча футболчиларимизнинг ғалабаси билан Ўзбекистон илк бор жамоавий спорт турларида ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритганини мамнуният билан маълум қилди. Ўз навбатида, Шаҳрулло Шарипович энди қишки Олимпия ўйинларида ҳам делегациямиз каттароқ таркиб билан иштирок этишни режалаштираётгани, бунда Беларусь каби соҳада истиқболга эришган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Андриан Цибульский биатлон спортини ривожлантириш, оммавий спорт орқали иқтидорли ёшларни селекция қилиш, профессионал спортда улкан ютуқларни қўлга киритиш борасида Беларусь тажрибаси билан ўртоқлашди. Сўз ўрнида меҳмон биатлоннинг ёзги тури бўйича ўтадиган очиқ турнирларда иштирок этиш учун ўзбекистонлик спортчиларни Беларусга таклиф қилди. Шунингдек, томонлар ёш спортчилар иштирокида ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш борасида ҳам фикр алмашишди.

Маълумот учун, биатлон бўйича Беларусь терма жамоаси қишки Олимпия ўйинлари тарихида 4 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза, жами 11 та медаль қўлга киритган.

Text to speech