ООК делегациясининг мамлакатимизга ташрифи сермаҳсул ўтди
Хабар берганимиздек, Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарликни кўздан кечириш мақсадида пойтахтимизга Осиё Олимпия кенгаши (ООК) делегацияси ташриф буюрган эди. Меҳмонлар дастурга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари раҳбарияти, Ишчи гуруҳ вакиллари билан учрашиб, қатор масалаларни муҳокама қилишди. Олимпия шаҳарчасида қад ростлаётган объектларни, бевосита қурилиш жараёнини ўз кўзлари билан кўришди.
Ташриф якунида делегатлар Ўйинлар ўтказиладиган бир қатор объектлар билан бевосита танишишди. Жумладан, “Бунёдкор” стадиони, “Юнусобод спорт мажмуаси” аренаси, UzExpo маркази эътибор марказида бўлди.
Ўрганиш ишлари ниҳоясига етгач меҳмонларни Спорт вазири Адҳам Икрамов яна бир бор қабул қилди. Учрашувда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам қатнашди. Унда меҳмонлар Ўйинлар давомида иш жараёнини ташкил этиш борасида кичик тақдимот ўтказишди. Мулоқот чоғида янги режалар ва кейинги қадамлар белгилаб олинди.