Париж-2024 лицензиатлари: Икки йўналишда Олимпиадада қатнашадиган Ольга Забелинская
Велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Ольга Забелинская ҳамюртларимиз орасида ҳозирча Париж-2024 Олимпиадасида иштирок этувчи энг ёши катта спортчи бўлиб турибди. Сезиб улгурганингиздек, бугун бир неча кундан сўнг 44 ёшни қарши оладиган ушбу атлетимиз ҳақида гаплашамиз.
Забелинская Ольга Сергеевна 1980 йил 10 май куни Россия Федерациясида туғилган. Трек ва шоссе йўналишларига ихтисослашган Забелинская ҳисобида Лондон-2012 Олимпиадасининг 2 та бронза, Рио-2016 ёзги Олимпия ўйинларининг эса кумуш медали мавжуд. 2018 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Мураббийи Юрий Аношин. Ҳар йили ўтказиб келинадиган шоссе ва трек йўналишларидаги Осиё чемпионатларида мунтазам равишда шоҳсупадан жой олиб келади. Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйиларида 3 та олтин, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида 1 та олтин медални қўлга киритган. Кўрсатган натижалари эвазига “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.
Велошоссе бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси жаҳон рейтинги орқали Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига шоссе дастурида 3 та йўлланмага эга бўлган. Терма жамоа мураббийлар штабининг қарорига кўра, Забелинская гуруҳ пойгаси ва шахсий вақт учун алоҳида старт дастурларида юртимиз шарафини ҳимоя қилади.