Тошкент-2025: ООК делегатлари билан ташкилий масалалар кўрилмоқда
Айни кунларда Тошкентда Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) бир қатор департаменти мутахассислари ҳамда ташкилотнинг расмий ҳамкори бўлмиш “Bornan Technology”вакиллари пойтахтимизда меҳмон бўлиб туришибди. Ташрифдан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига олиб бораётган тайёргарликни рақамли технологиялар йўналишида муҳокама қилиш, мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганиш кўзланган.
Дастлаб Миллий Олимпия қўмитасида делегатлар ва ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда Ойбек Касимов бошчилигидаги МОҚ жамоаси, Спорт вазирлиги масъуллари ҳамда ООК вакиллари қатнашди. Меҳмонларга мусобақага кўрилаётган тайёргарлик, Ўйинлар дастуридан ўрин олиши кутилаётган спорт турлари, баҳсларга мезбонлик қиладиган ареналар ҳақида батафсил маълумот берилди. Ойбек Омилович суҳбат давомида катта кўламда олиб борилаётган тайёргарлик жараёни, шунингдек, улкан бунёдкорлик лойиҳасининг давлат томонидан ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланилаётгани хусусида тўхталди.
Ташриф давомида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда “Uztelecom” АЖ мутахассислари иштирокида ҳам йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ООК томони халқаро стандартлар асосида қўйиладиган талаблар, хусусан, мусобақа ва меҳмонлар яшайдиган жойлар, ОАВ учун ажратилган ҳудудлар, ҳакамлар ва ҳисоб юритувчи тизимларни узликсиз катта тезликдаги интернет билан таъминлаш, wi-fi зоналарини ташкил этиш, Ўйинлар трансляциясини сунъий йўлдош орқали коинотга узатишда керак бўладиган техник воситалар борасида маълумот берди. Йиғилиш давомида томонлар ишларни лозим даражада йўлга қўйиш, мавжуд масалаларни биргаликда ҳал қилиш борасида келишиб олишди.
ООК делегатлари сафар доирасида пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасини ҳам бевосита кўздан кечиришди. МОҚ Бош котиби меҳмонларни Ўйинларнинг асосий кластери билан таништирар экан, мажмуа барча халқаро стандартларга жавоб бериши, спорт ареналарига энг замонавий қопламалар тўшалиши хусусида гапириб ўтди. Мазкур учрашувда ЎзМТРК “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов ҳам иштирок этди. Унда томонлар мусобақа трансляцияга оид техник параметрлар хусусида фикр алмашдилар.
Бугун меҳмонлар Спорт вазири Адҳам Икрамов қабулида бўлиши, шунингдек, Тошкентда старт олган бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубогининг очилиш маросимида иштирок этиш орқали Ўйинларни қабул қилиши кўзда тутилган мажмуа билан танишиши режалаштирилган.