Тошкентда конкур бўйича халқаро турнир бошланди
Тошкентда анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган от спортининг конкур йўналиши бўйича Евросиё лигасининг навбатдаги босқичи бошланди. Жаҳон кубогига саралаш вазифасини ўтаб берадиган мазкур турнирга 11 мамлакатдан иштирокчилар ташриф буюрган.
Мусобақанинг биринчи кунида чавандозлар баландлиги 120 ва 140 смни ташкил этувчи тўсиқлардан сакраш бўйича 4 йўналишда куч синашишди. Якунда қирғизистонлик Андрей Тряпицин («Флоризель» лақабли тулпорда), қозоғистонлик Шингиз Маликаждар (“Ю-Кор Де Ля Виль”), қирғизистонлик Камиль Сабитов («Дартаньян») ва беларуслик Сергей Антанович («Каусар») биринчи ўринни қўлга киритишди. Ҳамюртларимиз орасида Хуршидбек Алимжонов («Лейман»), Алишер Эркинов (“Принц Корнет”), Оқил Собиржонов (“Лос Анжелес”), Аъзам Толиббоев (“Бозарт Ду Руэт 5”) совриндорлар қаторидан жой олишди.
Мусобақа 5 майга қадар давом этади.