Хитойнинг машҳур компанияси Тошкент-2025 Ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросими тақдимотини ўтказди
Сир эмаски, бугунги кунда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларига катта ҳажмда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ўйинлар билан боғлик ҳар бир йўналишга давлат даражасида аҳамият қаратиляпти. Жумладан, мусобақанинг тантанали очилиш ва ёпилиш маросимларига ҳам.
Хитойнинг "Zhejiang Dafeng Technology Co LTD” компанияси айни шу йўналишда фаолият олиб борадиган ширкат бўлиб, сўнгги йилларда бир қатор йирик комплекс мусобақалар, жумладан, Пекин-2022 қишки Олимпия ва Паралимпия, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг тантанали очилиш ҳамда ёпилиш маросимларини саҳналаштирган. Бир неча кун давомида ташкилот директори Гавен Фенг бошчилигидаги мутасаддилар пойтахтимизда меҳмон бўлишди. Ташриф доирасида Спорт вазирлигида хитойлик ижодкорлар билан учрашув ўтказилди.
Унда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спорт вазирлиги раҳбарияти ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди. Учрашувда хитойлик ижодкорлар узоқ асрлик тарихимиз ва маданиятимизни ўрганган ҳолда Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Пара Осиё ўйинларининг тантанали маросимлари учун ўз тақдимотларини кўрсатишди.
Учрашув давомида вазир маросимни юқори даражада ташкил этиш не чоғлик катта аҳамият касб этиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, тақдимотдаги бир қатор эпизодларни бойитиш, спорт орқали халқлар орасидаги бирдамлик ва дўстлик ришталарини намойиш этиш каби йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Маълумот учун, "Zhejiang Dafeng Technology Co LTD” компанияси маданият, спорт ва туризм соҳалари учун интеграциялашган лойиҳаларни тақдим этувчи ва уларни амалга оширувчи етакчи ширкат ҳисобланади. Унда фаолият олиб бораётган 80 дан ортиқ илмий салоҳиятга эга мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар 120 дан ортиқ давлатларда муваффақиятли амалга оширилган.