Париж-2024 лицензиатлари: “Профессор” Ҳасанбой Дўсматов
Франция пойтахтида ўтадиган навбатдаги ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган атлетларни таништиришда давом этамиз. Бу галги қаҳрамонимиз бокс оламида “профессор” номи билан танилган Ҳасанбой Дўсматов.
Дўсматов Ҳасанбой Маъруфжон ўғли 1993 йил 24 июнь куни Андижон вилоятида туғилган. 2012 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Зиятдин Тойганбоев. Ҳ.Дўсматов Рио-2016 Олимпия ўйинларида -49 кг вазн тоифасида чемпионлик қатори, энг яхши техника эгасига бериладиган “Вэл Баркер” совринини ҳам қўлга киритган. 2017 йил Гамбургда ўтган жаҳон чемпионати финалчиси. 2018 йил Индонезияда ўтган Осиё ўйинларида ҳам терма жамоамиз ҳисобига кумуш медални келтирган. 2015, 2017 ва 2022 йиллар Осиё чемпионлигига эришган. 2023 йил Тошкент мезбонлик қилган дунё биринчилигида олтин медални қўлга киритиш баробарида мусобақанинг энг яхши боксчиси номига сазовор бўлди. Кўрсатган натижалари учун давлатимиз томонидан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида -51 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, Париж-2024 лицензиатлари сафидан ўрин олди.