Париж-2024 лицензиатлари: Икки карра чемпионликни мақсад қилган Баҳодир Жалолов
Бўлажак ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган ҳамюртларимиз орасида нафақат ўзбек мухлислари, балки жаҳон ҳамжамияти эътиборида бўладиган спортчилар бор. Улардан бири бокс бўйича жаҳон ва Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов.
Жалолов Баҳодир Исомиддин ўғли 1994 йил 8 июль куни Сурхондарё вилоятида туғилган. 2013 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси таркибида. Мураббийи Тўлқин Қиличев. 2017, 2019 ва 2021 йиллар Осиё чемпионлигига эришган. 2019 йил Екатеринбург ва 2023 йил пойтахтимизда ўтган жаҳон чемпионатларида энг оғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. Профессионал боксда шу пайтгача 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Рио-2016 Олимпия ўйинлари иштирокчиси. Токио-2020 Олимпиадасида +92 кг вазн тоифасида олтин медалга сазовор бўлган. Ушбу муваффақиятлари эвазига “Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" ҳамда “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвонлари билан тақдирланган.
Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида +92 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, Париж-2024 лицензиатлари сафидан жой олди.