Олтинчи Тошкент марафонининг энг яхшиларини “BYD Song Pro” кутмоқда
Эртага пойтахтимизда BYD Тошкент VI халқаро марафони ўтказилади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мусобақага бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, мамлакат енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов, ташкилий қўмита вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Даставвал Шаҳрулло Маҳмудов олтинчи бор ташкил этилаётган мусобақанинг нуфузи тобора ортиб бораётгани, қолаверса, унинг халқимиз орасида оммавий спорт тарғиботи йўлида муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, марафон иштирокчилари Олимпиада нормативларини бажарган тақдирда Париж-2024 Олимпия ўйинларининг иштирокчисига айланишлари мумкинлигига алоҳида урғу берди. Ўз навбатида, Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси томонидан юборилган техник делегат Норри Уильямсон ташкилий жиҳатдан юқори тайёргарлик кўрилгани, трасса халқаро талабларга жавоб беришини эътироф этди.
Камолиддин Рўзимуҳаммедов сўз ўрнида мусобақа билан боғлиқ рақамларга тўхталиб ўтди. Унга кўра, тадбир доирасида 3, 10 км, ярим марафон (21 км) ва марафон (42 км, 195 метр) масофаларига югуриш бўйича баҳслар ўтказилади. Оммавий спорт байрамида жами 6000 нафарга яқин иштирокчи стартга чиқиши кутилмоқда.
Ярим марафон ва марафон дастурлари бир вақтнинг ўзида ҳамюртларимиз учун Ўзбекистон чемпионати вазифасини ҳам ўтаб беради. Энг асосийси, атлетларимиз орасида ушбу дастурларда энг яхши натижа кўрсатган 1 нафардан эркак ва аёл спортчиларга “BYD Song Pro” автомобили насиб этади.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 720 миллион сўмни ташкил этади. Эртанги пойгаларда 45 мамлакатдан ҳаваскор ва профессионал спортчилар қатнашади. Мусобақа Бутунжаҳон енгил атлетика федерацияси тақвим режасидан ўрин олган бўлиб, World Athletics Label даражасига эга.
BYD Тошкент VI халқаро марафони эртага 06:15 да бошланади. Старт ва финиш нуқтаси сифатида анъанага мувофиқ “Ҳумо арена” мажмуасининг олдидаги майдон белгиланган.