Ру En O'z
13 Апрель 2024 384

Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги рақибларимиз ва ўйинлар тақвимига назар ташлаймиз

Яна саноқли кунлардан кейин Қатарда футбол бўйича U23 Осиё кубоги старт олади. Хабарингиз бор, унда Ўзбекистон олимпия терма жамоаси «D» квартетида Малайзия, Вьетнам ва Қувайт жамоалари билан бир гуруҳдан жой олган. Гуруҳ босқичидаги ўйинларимиз ва бизга рақиблик қиладиган ушбу жамоаларнинг U23 Осиё кубокларидаги иштироки ҳақида нималарни биламиз? 

Дастлабки ўйин 17 апрель куни Малайзияга қарши кечади. Баҳс Тошкент вақти билан 18:00 да старт олади. Учрашувга 2022 йилги жаҳон чемпионатининг нақд 8 та ўйинини ўтказган “Khalifa International Stadium” аренаси мезбонлик қилади. 

Рақиб ҳақида. Бу мазкур ёш тоифасидаги Малайзия жамоасининг учинчи бор Осиё кубокларида иштирок этиши. 2018 йилги мусобақада улар чорак финалгача етиб бориб, ўзларининг энг яхши натижасини кўрсатишган. 

Иккинчи ўйин 20 апрель санасида Қувайт жамоаси билан ўтади. Тошкент вақти билан 20:30 да бошланадиган баҳс “Al Janoub Stadium”да кечади. Дарвоқе, ушбу арена ЖЧ-2022 даги 7 та ўйинни қабул қилган. 

Бу Қувайт U23 жамоаси учун ҳам учинчи Осиё кубоги. Улар 2013 ва 2022 йилги мусобақаларни гуруҳ босқичидаёқ якунлашган. 

Гуруҳдаги сўнгги ўйин учун яна “Khalifa International Stadium”га қайтамиз. 23 апрель куни асосий рақиб Ветнам билан катта эҳтимол биринчи ўрин масаласи ҳал этилади. Ўйин Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади. 

Ветнам U23 жамоаси бешинчи бор Осиё кубокларида қатнашмоқда. Уларнинг энг яхши кўрсаткичи жамоамизнинг энг яхши натижаси билан бевосита боғлиқ. Яъни 2018 йилги турнирда Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги ёшларимиз финалда айнан ушбу жамоа вакилларини мағлубиятга учратган ва ветнамликлар кумуш медалга сазовор бўлишган эди.

Ўзбекистон учун эса бу ушбу ёш тоифасидаги олтинчи Осиё кубоги бўлади. Жамоамиз 2018 йилги мусобақа ғолиби ҳисобланади. Шунингдек, ёшларимиз 2022 йилги турнирда финалгача етиб боришган.

Бугун йигитларимиз Қатарда дастлабки машғулотини ўтказишади. Кўриб турганингиздек, барча ўйинларимиз жаҳон чемпионати баҳсларини қабул қилган, юқори даражадаги стадионларда кечади. Бу эса техникаси анча юқори бўлган йигитларимиз ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатиб, тарихий натижа қайд этишлари учун айни қулай имконият. Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор Тимур Кападзе шогирдларига Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмалари билан қайтишларини тилаб қоламиз.

Text to speech