Ру En O'z
11 Апрель 2024 346

Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг медаллари ҳақида Сиз билган ва билмаган фактлар

Жорий йилнинг 8 февраль куни Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг ташкилий қўмитаси бўлажак мусобақаларнинг медалларини тақдим қилди. Шубҳасиз, ўзгача услубдаги медаллар дизайни кўп жиҳатлари билан омма эътиборини тортиб келмоқда.

Умумий ҳисобда Ўйинлар учун тахминан 5084 дона медаль тайёрланади. Уларнинг вазни пробасига қараб 455-529 граммни ташкил этади. Олтин медалнинг 98.8 фоиз қисми кумуш, 1.13 фоизи эса олтин моддасидан ташкил топган. Бронза медаллари мис, рух ва қалай қоришмасидан иборат. Аввалги Олимпиадаларда бўлгани каби олтин медалнинг устки қатламига тилла суви юритилган.

Хўш, бу медалларнинг олдингиларидан фарқли жиҳатлари ҳам борми? Албатта, бор. Ҳар бир медалнинг олд қисмида Эйфел минорасининг 18 грамм темир бўлаги мавжуд. Бу медалларнинг марказий қисмида акс этган олтибурчак шаклидаги металлга жойлаштирилган. Нега энди олтибурчак деган савол ҳам туғилади. Мезбонлар бунга Франциянинг харитадаги кўриниши айнан ушбу шаклга ўхшашини жавоб сифатида келтиришган. Анъанавий тарзда медалларнинг орқа қисмида биринчи замонавий Олимпия ўйинлари ўтказилган “Панатинаикос” стадиони ва юнон мифологиясидаги Ника (Ғалаба худоси) тасвирланган.

Text to speech