Амирхон Содиқов Туркиядаги халқаро турнирда совриндор бўлди
4-7 апрель кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида камондан отиш бўйича “Kahraman bagatir spring arrows tournament-2024” мусобақаси бўлиб ўтди. Дунёнинг сара мерганлари иштирок этган турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳам шоҳсупага кўтарилди.
Эркаклар ўртасида кечган баҳсларда ҳамюртимиз Амирхон Содиқов бронза медали соҳибига айланди. Биринчи даврадан эркин ўтган Содиқов иккинчи босқичда Украина, сўнг Миср, Италия, Нидерландия вакилларини мағлубиятга учратди. Ярим финалда Италия термасининг бошқа бир спортчиси Федерико Мусолесига қўшимча имкониятларда мағлубиятга учраган бўлса, учинчи ўрин учун баҳсда франциялик Жан-Шарл Валладонтдан устун келди.
Режага кўра, терма жамоамиз 30 апрель санасига қадар ушбу шаҳарнинг ўзида халқаро ўқув-машғулот йиғинида иштирок этади.