Ру En O'z
2 Апрель 2024 1256

Тимур Кападзе: “Нафақат Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олиш, балки унда шоҳсупага кўтарилишни мақсад қилганмиз”

Жорий йилнинг 15 апрель – 3 май кунлари Қатар яшил майдонларида футбол бўйича Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма берувчи U23 Осиё кубоги бўлиб ўтади. Бугун МОҚда мусобақа олдидан терма жамоамизнинг тайёргарлигига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Унда МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ОАВ ходимларининг саволларига жавоб беришди.

Анжуманда Равшан Ирматов мусобақанинг ўзбек футболи учун не чоғлик аҳамиятга эга экани, миллионлаб мухлислар кутган Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш йўлида 3 йил давомида амалга оширилган ишлар, “Олимпик” лойиҳаси, замонавий талаблар асосида барпо этилаётган терма жамоалар маркази хусусида гапириб ўтди. Шунингдек, Равшан Сайфуддинович легионерлар масаласига ҳам алоҳида тўхталди. Унга кўра, хорижда тўп сураётган 2 нафар футболчимизнинг клублари билан ижобий келишувга эришилгани ва 3 та жамоа билан музокаралар давом этаётганини маълум қилди.

Ўз навбатида, Тимур Кападзе ҳам бўлажак турнирга катта тайёргарлик кўрилгани ва бунинг учун барча шароитлар яратиб берилгани, якуний рўйхатдан энг оптимал формага кирган йигитлар жой олиши, Олимпиада йўлланмаси учун ҳамма ўйинчи бор кучи билан ҳаракат қилиши ҳақида тўхталди. Қолаверса, Париж-2024 ёзги Олимпиадасига йўлланма олиш эмас, балки унда медаль олиш асосий вазифа эканини қўшимча қилди.

Тадбир давомида спикерлар ОАВ ходимларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб беришди. Анжуманни ушбу ҳавола орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Text to speech