31 Март 2024
624
Таэквондочиларимизнинг халқаро йиғини қизғин давом этмоқда
Тошкент вилоятидаги «Янгиобод» спорт базасида таэквондо WT бўйича Ўзбекистон, Иордания ва Россия терма жамоалари иштирокидаги халқаро ўқув-машғулот йиғини қизғин давом этмоқда. Машғулотларда Ўзбекистон терма жамоасидан 21, Иорданиядан 5 ва Россиядан 32 нафар атлет қатнашяпти.
Улар орасида Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари чемпионлари Улуғбек Рашитов (Ўзбекистон) ва Владислав Ларин (Россия), кумуш медаль соҳиблари Солиҳ Эл-Шарабати (Иордания) ва Татьяна Минина (Россия), бронза медали эгаси Михаил Артомонов (Россия), шунингдек, жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорларини учратиш мумкин. 29 март куни йиғин доирасида спарринг жанглари ҳам ўтказилиб, мураббийлар штаби спортчиларнинг ҳолатини яна бир карра кўздан кечириб олишди.