Ру En O'z
9 Июнь 2021 2462

Хушхабар! Токио Олимпиадаси учун ўқ отиш спортида иккита лицензия қўлга киритилди

Халқаро ўқ отиш спорти федерациясидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси учун хушхабар келди. Халқаро ташкилот делегациямиз Токио-2020 Олимпия ўйинлари учун лицензия қўлга киритганини маълум қилди.

Ҳамюртимиз Мухтасар Тоҳирова пневматик милтиқдан 10 метр масофадан ва 50 метр масофадан 3 ҳолатда ўқ отиш дастурларида квалификацион даврда тўплаган юқори баллари учун Токио-2020 Олимпия ўйинларининг лицензияларига эга бўлди.

Қайд этиш жоиз, спортчимиз лицензион даврдаги 2019 йил Қатарнинг Доха шаҳрида ўтган Осиё чемпионати ва Германиянинг Зуль шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида юқори натижани қайд этган эди. Бу йил ҳам Қозоғистонда ўтган халқаро мусобақада 10 метр масофада кечган дастурда ғалаба қозонган.

Шу тариқа, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси делегациямиз ҳисобига яна 2 та лицензияни тақдим қилмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси федерациямиз ва Мухтасар Тоҳировани қўлга киритилган Олимпиада йўлланмаси билан муборакбод этиб қолади.

Text to speech