Ру En O'z
15 Март 2024 488

Спорт турларини оммалаштириш режалари тақдимот қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев юртимизда оғир атлетикани ҳамда маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантиришга оид тақдимот билан танишди.

Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, ёшларнинг вақтини мазмунли ўтказишда спорт катта ўрин эгаллайди. “Беш ташаббус” олимпиадаси, республика чемпионатлари доирасида у кенг кўлам касб этмоқда. Шу билан бирга, олимпия спорт турларини ривожлантириб, маҳоратли спортчиларни тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида оғир атлетика бўйича барча ёш тоифасидаги спортчилар билан индивидуал ишлаш тизимини яратиш ҳамда уларни профессионал даражада тайёрлаш учун Оғир атлетика маркази ташкил этиш вазифаси белгиланган.

Ушбу марказ Спорт вазирлиги ҳузурида Чирчиқ шаҳрида ташкил этилади. У ихтисослаштирилган таълим муассасаси бўлиб, 7-11-синф болаларга сабоқ берилади. Улар илғор усуллар асосида терма жамоаларга асосий номзод сифатида тайёрланади. Марказ 2025/2026 ўқув йилидан фаолият бошлаши кўзда тутилган.

Шунингдек, Касаба уюшмалари Федерацияси кенгашининг ҳомийлигида Оғир атлетика спорт клуби ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Тошкент ва Самарқанд вилоятида ҳудудий мактаблар очилади.

Умуман, бу йўналишни ривожлантириш мақсадида уч йиллик дастур ишлаб чиқилди. Унда ёшларнинг оғир атлетикага қизиқишини ошириш, ҳудудларда спортчилар учун етарли шароитлар яратиш, селекция жараёнларини рақамлаштириш, малакали хорижий мутахассисларни жалб этиб, илғор тажрибаларни ўзлаштириш каби вазифалар қамраб олинган.

Оғир атлетикани оммалаштириш мақсадида 3 босқичли мусобақалар, Марказий Осиё ва “Uzbekistan Open” очиқ чемпионатларини ўтказиш режалаштирилган.

Юртимизда энг оммавий спорт тури бу футбол. Шу боис маҳаллаларда футбол инфратузилмасини ривожлантириш ва тармоғини кенгайтириш мақсад қилинган.

Бунинг учун маҳаллаларда мавжуд стадионлар ва бошқа спорт майдончаларидан самарали фойдаланилади. Улар йўқ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида шундай иншоотлар барпо этилади. Эркаклар ва аёлларнинг турли ёш тоифалари ўртасида маҳалла терма жамоалари тузилади. Иқтидорли ёшлар аниқланиб, профессионал футбол муассасаларига йўналтирилади.

Бу борада маҳалладаги ёшлар етакчиларига Ўзбекистон футбол ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари ва спорт мактаблари кўмаклашади.

Шунингдек, жорий йилдан бошлаб, Англия мактаблари футбол ассоциацияси тажрибаси асосида, 8-11-синф ўқувчилари орасидан мактаб футбол етакчиси танлаб олинади. 12-15 ёшлилар ўртасида икки босқичли “Маҳалла лигаси” ҳамда 16-30 ёш тоифалари орасида уч босқичли Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларини ўтказиш йўлга қўйилади.

Булар маҳаллалардан бошлаб футбол инфратузилмасини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантиришга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, ёшлар ўртасида спорт ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш, мусобақаларни юқори ташкилий даражада ўтказиш бўйича кўрсатмалар берди.

Манба: president.uz

Text to speech