Ру En O'z
15 Март 2024 2417

Таэквондочиларимиз тўлиқ таркиб билан Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олишди

Таэквондо WT бўйича Ўзбекистон терма жамоаси масъулиятли давр - Париж-2024 Олимпиадаси циклининг квалификацион босқичини катта муваффақият билан тугатмоқда. Жамоа олдига қўйилган биринчи вазифа максимал даражада бажарилди. Ҳамюртларимиз 100 фоизлик натижа кўрсатиб, Франция пойтахти мезбонлик қиладиган Олимпиадага 4 та лицензияни қўлга киритишди.

Аввалги Олимпиада циклларида кўпи билан 1 нафар таэквондочимиз рейтинг орқали 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўл олган бўлса, бу гал илк бор 2 нафар ҳамюртимиз кучли бешликдан жой олишга муваффақ бўлди. Шунингдек, яна бир нечта спортчиларимиз лицензион ҳудудга жуда яқин келишди. Олимпиада рейтингининг якуни натижалар аввалгидан анча ўсганини кўрсатмоқда. Шунингдек, кетма-кет икки жаҳон чемпионати 4 та медаль билан якунлангани ҳам Париж-2024 циклида Ўзбекистон терма жамоаси нафақат Осиё, балки дунё таэквондосида кучлилар қаторида эътироф этилишини ифодалайди.

Улуғбек Рашитов (-68 кг) ва Светлана Осипова (+67 кг) 2023 йил якунида эълон қилинган рейтингга кўра, Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланишди. Шу боис Ўзбекистон терма жамоаси Хитойда ўтаётган қитъавий лицензион турнирга 1+1 шаклида, яъни 1 нафардан эркак ва аёл спортчиларни рўйхатдан ўтказиши мумкин эди. Танлаб олинган спортчилар Жасур Жайсунов (-80 кг) ва Озода Собиржонова (-67 кг) билдирилган ишончни оқлашди. Бугун улар берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, жамоамиз йўлланмалари сонини 4 тага етказишди.

Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам таэквондочиларимиз тўлиқ таркибда иштирок этишган эди. Ушбу натижа бу гал ҳам такрорланиб, Ўзбекистон таэквондо баҳсларида Францияга тўлиқ таркиб билан йўл оладиган кам сонли делегациялардан бирига айланди. Дарвоқе, таэквондочиларимиз Париж-2024 Олимпиадаси дастурига кўргазмали йўналиш сифатида киритилган аралаш жамоавий баҳсларда ҳам қатнашадиган дунёдаги 4 жамоадан бири ҳисобланади.

Демак, Париж-2024 XXXIII ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган таэквондочиларимиз рўйхати қуйидагича:

-68 кг: Улуғбек Рашитов
-80 кг: Жасур Жайсунов
-67 кг: Озода Собиржонова
+67 кг: Светлана Осипова

Text to speech