Ру En O'z
14 Март 2024 1293

Жаҳон чемпиони Исроил Мадримовга Президент совғаси топширилди

Профессионал бокснинг WBА йўналиши бўйича жаҳон чемпиони Исроил Мадримов бугун Тошкентга қайтиб келди. Ҳамюртимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Маросимда Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат бокс федерацияси раҳбарияти, шунингдек, боксчимизнинг яқинлари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида Вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов спортчимизни қўлга киритган муваффақияти билан муборакбод этиб, унинг келгуси фаолиятида ҳам омад тилади. Шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов спортчимизни Олимпия оиласи номидан қутлаб, чемпионга Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – “Tahoe” автомобилининг калитини топширди. Ўз навбатида, Мадримов давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканини таъкидлаб, келгусида қолган йўналишлардаги чемпионлик камарларини ҳам Тошкентга олиб келишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, ҳамюртимиз 8 март куни Саудия Арабистонида ўтган чемпионлик беллашувида фаолиятида 25 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган россиялик Магомед Курбановни 5-раундда нокаутга учратган эди.

Шу тариқа, Исроил Мадримов супер ўрта вазн тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ўзбекистонлик биринчи боксчига айланди. Ушбу ғалабадан кейин у WBA рейтингида 1-ўринга кўтарилиб олди. Мазкур чемпионлик камарига ўз вақтида америкалик Флойд Мейвезер, Оскар де ла Хойя ва пуэрто-риколик Мигель Котто каби жаҳон боксининг афсоналари ва юлдузлари эгалик қилишган.

Text to speech