Ру En O'z
8 Июнь 2021 2088

Лицензион Осиё чемпионатини олтин медаллар билан бошладик

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича лицензион Осиё чемпионати старт олди. Бугун Гимнастика саройида ўтказилаётган мусобақанинг тантанали очилиш маросими ва дастлабки йўналишларда финал баҳслари бўлиб ўтди.

Маросимда МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Туризм ва спорт вазирининг ўринбосари Аваз Каримов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси Руслан Мустаев сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтишди. Мусобақа расман очиқ деб эълон қилингач, тадбирнинг бадиий қисми бўлиб ўтди.

Шундан сўнг яккалик баҳсларида халқа ва тўпдаги машқлар бўйича финал баҳсларига навбат берилди. Қувонарлиси, Тахмина Икромованинг халқада, Екатерина Фетисованинг тўпда бажарган дастури ҳакамларнинг энг юқори балларига сазовор бўлди. Шу тариқа қизларимиз илк кундаёқ терма жамоамиз ҳисобига қўшалоқ олтин медалларни тақдим қилишди.

Таъкидлаш жоиз, мусобақа доирасида Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Шерзод Ташматов, Аваз Каримов, Руслан Мустаев ва бошқа бир қатор мутасаддилар Токио-2020 тайёргарлиги ва юртимизда ушбу спорт оммавийлигини ошириш масаласи бўйича йиғилиш ўтказишди.

Text to speech