Бокс бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси биринчи бўлиб тўлиқ таркибда Париж-2024 йўлланмаларини нақд қилди
Италиянинг Бусто-Арсицио шаҳрида бокс бўйича 1-жаҳон лицензион мусобақаси ўз якунига етди. Унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этиб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига 5 та йўлланмани қўлга киритди.
Қайд этиш жоиз, мусобақа давомида 113 мамлакатдан фақатгина Ўзбекистон ва Қозоғистон терма жамоалари 5 тадан йўлланмага эга бўлишди. Мезбонлар 4 та, Польша жамоаси 3 та лицензияни нақд қилган бўлса, яна бир қатор мамлакатлар 2 ва 1 тадан (ҳатто Кубада ҳам 1 та) йўлланма билан уйга қайтадиган бўлди.
Умумий ҳисобда Австралия бокс баҳслари учун энг кўп йўлланма соҳиби бўлиб турибди. “Яшил қитъа” вакилларининг 12 нафар (6 эркак ва 6 аёл) аъзоси Париж-2024 иштирокчисига айланган. Бироқ жамоа рақобат деярли йўқ бўлган Океания минтақаси учун ташкил этилган мусобақада лицензияларга эга чиққанини инобатга олиш керак. Қолган етакчи жамоалар ҳисобидаги йўлланмалар қуйидагича:
Бразилия – 10
Ўзбекистон – 9
Франция, Италия – 8
Туркия, Қозоғистон, Хитой – 7 ...
1-жаҳон лицензион турниридаги муваффақиятсизлик ҳозирда Куба жамоаси инқирозни бошдан ўтказаётганини яна бир карра кўрсатди. Нақд 41 та Олимпия ўйинлари чемпионларини етиштириб берган ушбу жамоа ҳисобида Париж-2024 Ўйинларига ҳозирча 4 та лицензия бор холос.
Қайд этиш жоиз, Италиядаги турнирдан сўнг эркаклар жамоамиздаги йўлланмалар тўлиқ бўлди – 7 та. Бу борада яна бир аҳамиятли томони шундаки, ҳали ҳеч бир жамоа эркаклар ўртасидаги барча вазн тоифаларида режани тўлиқ бажармади. Қизларимиз ҳисобида ҳозирча 2 та йўлланма мавжуд. Демак, аёллар ўртасида ҳам барча вазн тоифаларидаги йўлланмалар тўлиқ бўлиши учун 23 май – 3 июнь кунлари Таиландда ўтадиган 2-жаҳон лицензион турнирида 4 нафар боксчи қизимизга мухлислик қиламиз.
Якунда Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинлари ва Италиядаги турнир орқали Париж-2024 лицензияларини нақд қилган ҳамюртларимизни эслатиб ўтамиз:
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов
-57 кг: Абдумалик Халоков
-63.5 кг: Руслан Абдуллаев
-71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев
-80 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев
-92 кг: Лазизбек Мулложонов
+92 кг: Баҳодир Жалолов
-50 кг: Сабина Бобоқулова
-54 кг: Нигина Ўктамова