Ру En O'z
11 Март 2024 740

Оммавий ва профессионал спорт йўналишларидаги ишлар ҳолати танқидий руҳда кўриб чиқилди

Ўтган ҳафта Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионлари Оксана Чусовитина ҳамда Баҳодир Жалолов маҳорат мактабларига ташриф буюрган Президент Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимлари ва спорт жамоатчилиги билан видеоселектор йиғилиши ўтказиб, ҳудудларда оммавий спорт мусобақаларини мунтазам ташкил этиш, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш қамровини кенгайтириш юзасидан зарур топшириқлар берган эди.

Бугун Президент томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида Спорт вазири Адҳам Икрамов бошчилигида Жойларда оммавий ва профессионал спортни ривожлантириш борасидаги ишларни жонлантириш мавзусида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Вазирлик, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари раҳбарияти, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги спорт бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги мутасаддилари иштирок этишди. Федерация ва ассоциацияларнинг масъуллари жараённи бевосита МОҚ мажлислар залидан кузатиб бордилар.

Йиғилишга Хоразм вилоятида хизмат сафарида бўлиб турган вазир Адҳам Икрамов раислик қилди. Танқидий руҳда ўтган видеоселекторда юртимизда оммавий спорт тарғиботи бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Вазир ўз нутқида баъзи ҳудудлардаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, қуйи бўғинлар билан тўлақонли иш ташкил этилмагани борасида масъулларга кескин фикр билдирди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир вилоят бошқармаларига йиллик стратегия ишлаб чиқиш, ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини спорт куни сифатида белгилаш бўйича топшириқлар берилди.

Ўз навбатида, МОҚ раҳбариятига Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари ва ундан кейинги комплекс мусобақаларга пухта тайёргарлик кўриш, йиғилишдан сўнг федерациялар масъуллари билан мавзу юзасидан режаларини яна бир карра таҳлил қилиш бўйича кўрсатма берилди.

Конференция якунига етгач МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов федерация вакиллари билан алоҳида учрашув ўтказишди. Унда Ойбек Омилович федерациялар кесимида ҳудудларни инвентаризациядан ўтказиш, мавжуд моддий техник базаларни ўрганиш таклифини илгари сурди. Шерзод Рихсибаевич эса фақатгина Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига эътибор қаратмасдан, Нагоя-2026 ёзги Осиё ва Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия учун ҳам захира таркибни шакллантириб бориш зарурлигини қўшимча қилди.

Суҳбат давомида долзарб масалалар юзасидан керакли вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, федерацияларга Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма олган ва унда шоҳсупага кўтариладиган спортчиларнинг мураббийларини рағбатлантириш борасида таклифлар юбориш белгиланди.

Text to speech