Осиё от спортининг келажакдаги устувор режалари Тошкентда кўриб чиқилди
Тошкентда Осиё от спорти федерациясининг (AEF) Бош ассамблеяси ўтказилди. "InterContinental Hotel Tashkent" меҳмонхонаси мезбонлик қилган тадбирда ташкилот президенти шайх Ҳамад ибн Али Ал Аттия, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев ҳамда AEF нинг Ижроқўм аъзолари иштирок этишди.
Ассамблея мобайнида ташкилотнинг сўнгги даврда олиб борган фаолияти барча кесимларда таҳлил қилиниб, келгуси режалар, хусусан, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастури кўриб чиқилди. Шунингдек, жорий йилнинг 24 апрель - 5 май саналарида юртимизда ўтадиган “Миллатлар кубоги” ва “Жаҳон кубоги” мусобақалари ҳам йиғилиш муҳокамасининг кун тартибидан ўрин олди. Халқаро федерация мутасаддилари мамлакатимизнинг ушбу турнирларни юқори савияда ўтказишига ишонч билдирди.
Ўз ўрнида, Шаҳрулло Маҳмудов юртимиз деярли барча спорт турлари бўйича йирик мусобақаларни қабул қилишга тайёр экани, бунинг учун давлатимиз томонидан барча зарур шароитлар яратиб берилишини маълум қилди.
Бош ассамблея давомида ташкилотнинг минтақавий бўлимларига раҳбарлар сайланди. Қолаверса, 2026 йил Японияда ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик кўриш, шунингдек, келгуси Бош ассамблеяни ўтказишга доир масалалар ҳам кўриб чиқилди.