Устоз ижодкорларга “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилиб, мўътабар аёллар байрам арафаси тақдирланишди
Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши мунтазам равишда спортимиз ривожига ҳисса қўшган фидойиларга эътибор кўрсатиб келади. Ташкилот яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан фахрий аёлларимизга байрам совғаларини улашди. Шунингдек, тадбирнинг иккинчи қисмида бу йил ўзининг 20 йиллигини нишонлаётган ЎзМТРК қошидаги “Спорт” телерадиоканалининг фахрий ижодкорлари ҳамда фаолиятини соғлом турмуш тарзи ва спорт тарғиботига бағишлаган бир гуруҳ соҳа фидойиларига “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони топширилди.
Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ўтган тадбирда Спорт вазирининг ўринбосари Дурдона Раҳимова, Ўзбекистон Спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, устоз-мураббийлар ҳамда бир гуруҳ Олимпия ҳаракати тарғиботчилари иштирок этишди. Дурдона Шукруллаевна тадбирни очиб берар экан, мамлакатимизда хотин-қизлар спортининг ривожига қаратилаётган эътибор, фахрийларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, улар томонидан бугунги ютуқларимиз учун қўйилган пойдевор ҳақида гапириб ўтди. Ўз навбатида, Баҳодир Махситович умрини соғлом турмуш тарзи, жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилишга бағишлаган устоз ижодкорларни эътироф этди. Қолаверса, спорт соҳасида хизмат қилган ва ҳозир ҳам фаолият олиб бораётган барча хотин-қизларни кириб келаётган байрам билан қутлади.
Шундан сўнг спорт соҳасининг фидойи онахонларига эсдалик совғалари, устоз ижодкорларга эса "Ўзбекистон спорт фахрийси" кўкрак нишонлари тақдим этилди. Тадбир қатнашчилари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдиришди. Якунда фахрийларимиз халқимиз ва юртимиз фаровонлиги учун қўлларини дуога очишди.