Ру En O'z
5 Март 2024 692

Марафон йўналишини ривожлантиришда Кения тажрибаси ўрганилмоқда



Спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси хорижда шуғулланаётган терма жамоаларимизнинг шароитини батафсил ўрганмоқда. МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги ишчи гуруҳ енгил атлетиканинг марафон югуриш дастури бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларининг Итен шаҳрида (Кения) олиб бораётган халқаро ўқув-машғулот йиғинига ташриф буюриб, улар учун яратилган шароитларни ўрганди.

Маълумки, африкалик узоқ масофага югурувчилар, хусусан, кенияликлар жаҳонда энг кучлилар қаторида эътироф этилади. Кениялик югурувчиларнинг барчаси Итен шаҳрида шуғулланишади. Қайд этиш жоиз, спортчиларимиз ўтган йили ушбу шаҳарда дастлабки йиғинда иштирок этишган эди. Шундан кейин уларнинг халқаро майдондаги натижалари сезиларли даражада ўсди. Шу боис, ишчи гуруҳ марафончиларимизни бир неча босқичли йиғинда қатнашиш учун яна Итен шаҳрига жўнатишга қарор қилди.

Ҳамюртларимиз билан бир вақтда Франция, Мўғулистон, Япония, Украина, Италия, Эфиопия, Эритрея каби мамлакатлардан ташриф буюрган номдор спортчилар шуғулланишмоқда. Шерзод Ташматов атлетларимиз билан учрашиб, уларнинг кунлик дастури, овқатланиш рациони ҳақида суҳбатлашди. Бунга жавобан, марафончиларимиз давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бундай шароитлар учун миннатдорчилик билдирдилар.

Шунингдек, спортчиларимизни шуғуллантираётган халқаро эксперт билан уларнинг имкониятлари, янги режалар ҳақида фикр алмашилди. Ташриф давомида узоқ масофага югуриш борасида Кения тажрибасини ўрганиш ва уни амалда тадбиқ этиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Text to speech