Ру En O'z
23 Февраль 2024 482

Ўзбекистон Халқаро фижитал спорт федерацияси билан меморандум имзолаган биринчи давлат бўлди

Қозон шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси вакиллари хизмат сафари давомида қатор музокаралар олиб бориб, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим келишувларга эришишди. Жумладан, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Ўзбекистон фижитал спорт федерацияси раиси Олег Пекось бошчилигидаги мутасаддилар Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Чернишенко ҳамда Халқаро фижитал спорт федерацияси президенти Рене Фазель билан учрашув ўтказишди.

Дмитрий Чернишенко Россиядан сўнг иккинчи бўлиб Ўзбекистонда миллий фижитал спорт федерациясининг ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, Рене Фазель Халқаро федерациянинг режалари ва янги лойиҳалари хусусида маълумот берди. 

Шунингдек, Олег Пекось Ўзбекистон томони спорт оламидаги бундай янги ташаббусни қўллаб-қувватлашдан мамнун экани, бир ой ичида федерацияда аҳил жамоа тузилиб, ишлар жадал бошлаб юборилгани ҳақида гапирди. Ойбек Касимов юртимизда спорт инфратузилмасининг кучайиб бораётганини пойтахтимизда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчаси мисолида сўзлаб берди.

Шундан сўнг Халқаро ва Ўзбекистон фижитал спорт федерациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон Халқаро фижитал спорт федерацияси билан ҳамкорлик тўғрисида битим имзолаган биринчи давлат бўлди.

Text to speech