Улар Токиога боришади: Хоразмлик эркин курашчимиз Ғуломжон Абдуллаев
“Улар Токиога боришади” лойиҳамизда бугун Сизлар билан эркин кураш бўйича терма жамоамиз вакили Ғуломжон Абдуллаев ҳақида гаплашамиз.
Ғуломжон Озодович Абдуллаев 1998 йил 11 ноябрь куни Хоразм вилоятида туғилган. Эркин кураш бўйича -57 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Мураббийи – Бахтиёр Собиров.
Абдуллаев халқаро ареналардаги энг катта ютуғини 2016 йил қўлга киритган. 18 ёшида U20 ёш тоифасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлган. Шунингдек, фаолияти давомида бир қатор бошқа йирик халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган. Ёшлар ўртасида Осиё чемпиони.
Спортчимиз 2016 йил ёшлар, 2018 йилдан асосий жамоага қўшилган. Айтиш мумкинки, Абдуллаев ҳозирда ушбу вазн тоифасида мамлакатимиз етакчисига айланиш учун ўзига хос мини-турнирдан ўтишга тўғри келди. -57 кгда терма жамоамиз Абдуллаевдан ташқари Маҳмуд Шавкатов, Нодиржон Сафаров, Умид Жалолов каби маҳоратли полвонларга эга. Мураббийлар штаби узоқ қарордан сўнг бу вазнда Абдуллаев номзодини маъқул кўришди ва бу қарор амалда ўзини оқлади. Спортчимиз жорий йилнинг апрель ойида Қозоғистонда ўтган лицензион турнир орқали Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланма олган.