Ру En O'z
28 Февраль 2024 815

Мартабали меҳмонлар Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш жараёни билан танишишди

Маълум қилиб ўтганимиздек, айни пайтда Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам ҳамда Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал Шафар пойтахтимизда бўлиб туришибди. Бугун мартабали меҳмонлар Олимпия шаҳарчасига ташриф буюриб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишишди.

Расмийларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов кутиб олди. Даставвал фахрий меҳмонларга бунёдкорлик лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. 100 гектар майдонда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футболга ихтисослашган асосий стадион, 6 та ёпиқ ва 13 та очиқ иншоотлар барпо этилмоқда. Барча объектларга энг замонавий ва илғор компаниялар томонидан ишлаб чиқариладиган қопламалар ётқизилади.

Ҳусайн Ал Мусаллам лойиҳага юқори баҳо берди. Айниқса, унда сув спорти турлари, енгил атлетика ва ўйин спорт турлари учун қурилаётган ареналар катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, велодром лойиҳаси Осама Ал Шафарнинг эътиборини тортди. Осиё велоспорт конфедерацияси раҳбари Халқаро велоспортчилар иттифоқи (UCI) президенти Давид Лапартьенга объект ҳақида ўзининг ажойиб таассупотларини сўзлаб беришини маълум қилди. Зеро, Марказий Осиёда Қозоғистон ва Туркманистонда велотрек иншоотлари бўлса ҳам, Тошкентда қад ростлайдиган велодром UCI томонидан қўйилган энг сўнгги талабларнинг барчасига жавоб бера олиши билан ажралиб туради.

Мутасаддилар суҳбат давомида ареналарда синов мусобақаларини ўтказиш бўйича ҳам фикр алмашди. ООК Бош директори бу борада ўз тавсияларини билдириб, ташкилот ҳамиша ёрдамга тайёр эканини таъкидлади.

Text to speech