Ру En O'z
27 Февраль 2024 1022

Ҳусайн Ал Мусаллам Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарликни юқори баҳолади

Бугун Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Бош директори, Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World aquatics) президенти Ҳусайн Ал Мусаллам ҳамда Осиё велоспорт конфедерацияси президенти Осама Ал Шафар пойтахтимизга ташриф буюришди. Мартабали меҳмонлар билан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларига олиб борилаётган ҳозирлик мавзуси муҳокама қилинди.

Расмийларни Спорт вазири Адҳам Икрамов қарши олди. Вазирлик биносида ўтган учрашувда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раиси ўринбосари Азизжон Камилов ҳам иштирок этишди.

Даставвал, Адҳам Илҳамович бўлажак Ўйинларга тайёргарлик кўришда давлат даражасида эътибор қаратилаётгани, шахсан Президентимиз мусобақа учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасининг қурилишида бош-қош бўлиб келаётгани ҳақида гапириб ўтди. Шундан сўнг мусобақа ўтказилиши учун мўлжал олинган саналар ва дастурга киритилиши кўзда тутилган спорт турлари кўриб чиқилди. Ойбек Касимов суҳбат давомида спорт турлари ва унга бириктирилган объектларни бирма бир таништириб чиқди ва ҳар бир йўналиш алоҳида таҳлил қилинди.

Аҳамиятлиси, Ҳусайн Ал Мусаллам тайёргарлик жараёнини юқори баҳолади. Янги қурилаётган ареналар Осиё спортининг ёш юлдузларини кашф этишига ишонч билдирди. Шунингдек, ООК Бош директори антидопинг масалалари, иншоотларни замонавий техникалар билан жиҳозлаш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Режага кўра, меҳмонлар эртага Олимпия шаҳарчасига бориб, қурилиш жараёни билан бевосита танишишади.

Text to speech