Токио-2020: Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида тайёргарликни янада кучайтириш бўйича видеоселектор ўтказилди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарликни янада жадаллаштириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигидаги МОҚ раҳбарияти, Туризм ва спорт вазирлиги мутасаддилари, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар масъуллари иштирок этишди.
Йиғилишда Азиз Абдуҳакимов спортчиларимизга ҳозир ҳар қачонгидан кўпроқ аҳамият қаратиш, уларнинг саломатлиги, тайёргарлик жараёнини кучли назоратга олиш ҳақида тўхталиб ўтди.
“Федерация мутасаддилари, спортчиларимизнинг яқинлари билан боғланиб, уларнинг оиласидаги шароитларини ўрганиш керак. Ҳозир уларнинг оиласида муаммо бўлмаслиги шарт. Вазирлар Маҳкамаси ҳам бу борада амалий ёрдамга тайёр. Спортчиларимиз давлатимизнинг руҳий қўллаб-қувватлашини, эътиборини янада кучли ҳис қилишсин. Улардан натижа талаб қилишдан олдин, етарлича эътибор қаратиб қўйишимиз керак. Бизда уларнинг муаммоларини ҳал қилишдан бошқа асосий ишимиз йўқ ҳозир. Айниқса, пара-атлетларимизга ҳам алоҳида ёндашиш лозим”, – деди Азиз Абдуқаҳҳорович.
Шунингдек, Рустам Шоабдураҳмонов бўлажак Олимпиадага олиб борилаётган режалар бўйича фикр билдирди.
“Туризм ва спорт вазирлиги, федерациялар билан бирга Токиога кетишдан олдин комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Айниқса, тайёргарлик доирасида ҳар бир спортчимизга алоҳида индивидуал режа қилинмоқда. Мутасаддиларимиз атлетларимиз иштирок этаётган лицензион мусобақага бориб, уларга далда беришмоқда, қўллаб-қувватлашмоқда. Барча масалаларимиз ҳукуматимиз томонидан ҳал қилинган. Биргаликда ишлаб чиқилган режалар асосида иш олиб боряпмиз”, – деди МОҚ раиси.
Йиғилиш давомида спортчиларимизни коронавирус инфекцияси ва тақиқланган дори воситаларидан сақлаш, сафарда доимо карантин талабларига қатъий риоя қилиш, машғулотларга ҳалал бермаган ҳолда лицензиатларимизни руҳлантирувчи мотивацион роликлар ва туркум кўрсатувлар тайёрлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, яқинлашиб келаётган Халқаро Олимпия кунига тайёргарлик кўриш, уни юқори савияда ташкил этиш орқали оммавий спорт тарғиботини кучайтириш борасида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.